Телефонлар:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40

Ташкилот низоми

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сон қарорига 4-ИЛОВА 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини, шунингдек раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.

2. Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ахборот соҳасида фаолият олиб борувчи барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва идоралар, хўжалик субъектлари (кейинги ўринларда — давлат органлари ва бошқа ташкилотлар) томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

5. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳрга эга.

6. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, қисқача — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ — Агентство информации и массовых коммуникаций при Администрации Президента Республики Узбекистан, қисқача — Агентство информации и массовых коммуникаций;

винглиз тилида:

тўлиқ — Agency of Information and Mass Communications under the Administration of the President of the Republic of Uzbekistan, қисқача — Agency of Information and Mass Communications.

7. Агентлик Тошкент шаҳри, Алишер Навоий кўчаси, 30-уй манзилига жойлаштирилади.

2-боб. Агентлик тузилмаси

8. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Агентликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар);

«O`zbekiston» нашриёт-матбаа ижодий уйи;

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи;

«O`qituvchi» матбаа уйи;

Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи;

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти;

«Кўзи ожизлар босмахонаси» давлат корхонаси;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий нашриётлар;

«O‘qituvchi» илмий-методик нашриёт маркази;

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;

Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ;

Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлаш касб-ҳунар коллежи;

«Ўздавкитобсавдотаъминоти» МЧЖ китоб маҳсулотларини тарқатиш корхонаси;

«Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси» давлат корхонаси.

9. Ҳудудий бошқармалар Агентликка ҳисоб берадилар.

10. «O‘qituvchi» илмий-методик нашриёт маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Агентлик директорига бўйсунади.

3-боб. Агентлик ва ҳудудий бошқармаларнинг вазифа ва функциялари

1-§. Агентликнинг вазифа ва функциялари

11. Агентликнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш, шунингдек инвестициялар жалб этиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, инвестициялар киритиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун яратилган қулай шароитларни, аввало хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этиш ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

республика ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўриш;

Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш.

12. Агентлик зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ равишда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида:

Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсати асосларини ишлаб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган туб ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, унинг ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган мақсадларини, амалга ошириш босқичлари, устувор йўналишлари ва шаклларини белгилайди;

ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг ижросини таъминлайди, давлат оммавий ахборот воситаларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштиради, масс-медиа ва Агентлик ўртасида методик ҳамкорликни амалга оширади, Ўзбекистон Республикасининг мамлакатда ва хорижда нуфузини оширишга қаратилган сиёсатни илгари суришга кўмаклашади;

қонунчиликда белгиланган тартибда ва ваколатлар доирасида оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг профессионал фаолият чегарасидаги мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, соҳани ривожлантириш ва модернизация қилишнинг стратегик масалаларини ҳал этиш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётини демократлаштириш, очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишда оммавий ахборот воситаларининг ролини оширишни қонунчилик билан ўрнатилган тартиб ва чегарада амалга оширади;

оммавий ахборот эркинлигини ноқонуний чеклаш, цензура, шунингдек оммавий ахборот воситаларида, глобал Интернет компьютер тармоғига жойлаштирилган ахборот ресурсларида (уларнинг таркибий қисмларида) ва босма нашрларда тарқатилиши тақиқланган ва (ёки) чекланган ахборотларнинг тарқатилишига йўл қўймаслик юзасидан қонунчиликда кўзда тутилган чораларни кўради;

мулкчилик шаклидан қатъи назар оммавий ахборот воситалари учун расмий маълумотларни олишда тенг ҳуқуқларни таъминлайди;

ахборот соҳасида мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли қарорларни ишлаб чиқиш учун етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг таъсисчилари ва таҳририятлари, оммабоп веб-ресурслар ва блогерлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор механизмларини яратади;

давлат ва нодавлат теле(радио)каналлар билан ҳамкорликда алоҳида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ишлаб чиқади ва рўёбга чиқаради, ушбу йўналишдаги бозор иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш бўйича чоралар кўради;

электрон оммавий ахборот воситаларининг аудиториясини ўлчашни ва босма оммавий ахборот воситаларининг ададини таҳлил қилишни амалга оширади;

хорижий давлатлар ва компанияларнинг телекўрсатувлари, радиоэшиттиришларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш имкониятларини ва мақсадга мувофиқлигини белгилайди, ҳукуматлараро битимлар ва халқаро шартномалар тузиш бўйича таклифлар киритади;

ички жараёнга медиа-менежментнинг замонавий усулларини, АКТ-ечимларини, шунингдек самарали маркетинг ишланмаларини жорий этиш йўли билан даврий нашрларнинг жозибадорлигини ошириш, уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқади; 

оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, журналистнинг мақомини ошириш, медиа жамоатчиликнинг ўзини-ўзи бошқариши механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек журналистнинг умумэътироф этилган миллий гувоҳномасини жорий этишда кўмаклашади;

юридик ва жисмоний шахсларни оммавий ахборот воситалари орқали нохолис, ишончсиз ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақиқланган ахборотлар тарқатилишидан ҳимоя қилишда кўмаклашади;

оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида соғлом рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

2) оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш, шунингдек инвестицияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитларни шакллантириш борасида:

марказий ва ҳудудий давлат оммавий ахборот воситалари (матбуот, телевидение, радио, электрон-ОАВ, ахборот агентликлари), нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона тузилмаларининг ҳолатини баҳолаш ҳамда ривожлантириш ва/ёки мақбуллаштириш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида уларнинг бутун тармоқларини батафсил таҳлил қилади;

оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга, ноширлик ва матбаа фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ва якка тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

давлат оммавий ахборот воситаларининг хориждаги мухбирлик пунктлари, бюро ва бошқа ваколатхоналарини ташкил этиш, журналистларни аккредитациядан ўтказишда қонунчиликда белгиланган тартибда кўмаклашади;

босма ва электрон оммавий ахборот воситалари соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш, шу жумладан Интернет тармоғида ижтимоий ёки таълимий аҳамиятга эга ресурслар яратиш ва таъминлаб туриш билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлайди;

идоравий бўйсунувидаги ташкилотлардаги матбаа ускуналарини янгилаш, уларни модернизация қилиш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, шунингдек халқаро ташкилотларнинг кредитларидан фойдаланишда кўмаклашади ва улар бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқади;

нашриёт-матбаа соҳасида техник тартибга солиш, шунингдек техник ҳужжатлаштиришнинг меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқади, нашриёт-матбаа маҳсулотларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш масалаларида методик ёрдам кўрсатади;

оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида илмий тадқиқотларни жорий этиш ва қўллаб-қувватлашда қатнашади;

хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги тажрибасини ўрганади, келгусида уларни татбиқ қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича оммавий ахборот воситаларига маслаҳат ёрдамини кўрсатади, уларнинг технологик ва мазмунан ривожланишига кўмаклашади;

ноширлик фаолиятини лицензиялаш, оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек уларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шаклида ривожлантириш масалаларида тадбиркорлик субъектларига ахборот, ташкилий, методик ва маслаҳат ёрдамини тақдим этади;

интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш бўйича чоралар кўради, интеллектуал мулк соҳасида қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, республика ҳудудида контрафакт маҳсулотлар айланишини бартараф қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, божхона, солиқ ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

оммавий ахборот воситалари ва республика ахборот маконининг бошқа иштирокчилари томонидан оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, лицензия ва рухсатнома талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан мониторингини амалга оширади;

Ўзбекистоннинг телевизион кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларини тарқатиш, шунингдек мамлакат ахборот тизимларини дунё ахборот тармоқларига интеграциялаш масалалари юзасидан хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўтказиладиган музокараларда қатнашади;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш шартлари ва лицензия талабларини ишлаб чиқади;

юридик шахсларга ноширлик фаолиятига лицензия беришни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган матбаа корхоналарининг Ягона давлат реестрини юритиш тартибини ўрнатади ва унинг юритилишини таъминлайди;

ноширлик фаолиятига лицензия бериш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳи тузади;

ноширлик фаолиятига лицензия бериш, ушбу лицензияни тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш юзасидан қарор қабул қилади;

лицензия олувчи томонидан ноширлик фаолияти соҳасида лицензия талаблари ва шартларига, шу жумладан китоб-дафтар, матбаа ва канцелярия маҳсулотларини нашр этишда ўрнатилган сифат стандартларига риоя этилиши устидан тизимли назорат олиб боради;

Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатувчи нашриётларнинг давлат реестрини юритиш тартибини ўрнатади ва унинг юритилишини таъминлайди;

оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказади;

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг ягона реестрини юритиш тартибини ўрнатади ва унинг юритилишини таъминлайди;

ахборот сиёсатини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, шунингдек давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг баъзи ҳужжатлари лойиҳаларини ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади, келишади ва киритади;

ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш чораларини самарали амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий базани тизимли таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ўз вазифаларини бажаришда Ахборот муҳитини ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгаши фаолияти доирасида медиа-бозор иштирокчилари, ахборот соҳасидаги ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги атоқли миллий ва хорижий мутахассислар, журналистлар, блогерлар, бошқа мутахассислар билан ҳамкорлик қилади;

3) ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш борасида:

оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши устидан мониторингни таъминлайди;

матбаа соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда мактаб дарсликлари, ўқув қўлланмалар ва китоб-дафтар маҳсулотларини безатиш ва нашр қилиш стандартлари, техник регламентлари ва санитар меъёрларини ишлаб чиқади;

эксперт жамоатчилиги билан ҳамкорликда оммавий коммуникациялар, матбуот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасини яхшилашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритади.

4) давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш борасида:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлимлари) фаолиятини мувофиқлаштиради ва методик таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизматлари ўзаро ҳамкорлигининг мувофиқлаштирувчи механизмини Агентлик раҳбарлиги остида шакллантириш, шу жумладан давлат тузилмалари раҳбарларининг масс-медиа билан яқиндан ҳамкорлик қилиши амалиётини жорий этиш чораларини ишлаб чиқади ва қабул қилади;

зиммасига юклатилган вазифалар сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизматларининг мақомини мустаҳкамлаш ва уларнинг штатлари сонини лозим даражагача кенгайтириш бўйича чораларни таклиф қилади;

вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари томонидан сифатли ахборот ва таҳлилий материалларни тизимли ва тезкор равишда тайёрлаш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини содда тилда тушунтириш учун оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини материаллар билан таъминлаш жараёнларини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизмати ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларига ахборот тақдим қилишнинг замонавий каналлари ва усулларидан фойдаланиш мақсадида етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни таълим тренинглари ва семинарларни ўтказиш учун жалб этган ҳолда уларнинг малакасини ошириш, кўникмаларини ва иш услубини яхшилаш масалаларини мувофиқлаштиради;

масс-медиа билан ҳамкорлик қилиш учун давлат органлари раҳбарларининг салоҳиятини ва тайёргарлик даражасини ошириш масаласида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳаракатларининг уйғунлиги, мувофиқлиги ва тезкорлигини таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлик даражасини, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг маълумотларни олиш имкониятини тизимли таҳлил қилади, уларнинг самарали ҳамкорлигини кучайтириш чораларини белгилайди;

миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан мунтазам асосда, шу жумладан тармоқ комплекслари, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, мутахассислар ва тадбиркорлар иштирокида олиб борилаётган ислоҳотларнинг долзарб жиҳатлари, инвестиция лойиҳаларига бағишланган брифинглар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатларини ўтказиш амалиётини кенг жорий қилиш учун шароитлар яратади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот ресурслари, шу жумладан машҳур ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар сингари Интернет тармоғидаги веб-ресурсларини ривожлантириш, уларнинг фаолият соҳасига тааллуқли матнли, фото-, аудио-, видео- ва бошқа ахборот материалларининг маълумотлар банкини шакллантириш ва юритишда кўмаклашади;

оммавий ахборот воситалари орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоат назоратини ўрнатиш бўйича чораларни таклиф этади;

5) мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, инвестициялар киритиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун яратилган қулай шароитларни, аввало хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этиш ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида ва республика минтақалари кесимида ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақида жамоатчилик ва хорижий аудиторияни кенг хабардор қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

бажариладиган ишларнинг ойма-ой режаси ва жалб этилган инвестициялар ҳажми, инвестициялар жалб қилинаётган соҳалар, ўзлаштирилган инвестициялар кўлами, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш босқичлари, лойиҳаларнинг экспорт ҳажмини оширишга, тармоқ ёки минтақа ривожига таъсири, лойиҳаларни рўёбга чиқариш кафолатлари, уларнинг рақобатда устунликлари ва бошқаларни ўз ичига олган тармоқ ислоҳотларининг, амалга оширилаётган ҳар бир инвестиция лойиҳасининг асосий параметрлари ҳақидаги батафсил ва сифатли безатилган, жумладан хорижий тилларга бехато таржима қилинган маълумотларни ўзида жамлаган Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрлаш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирлик ва идоралар, бошқа ташкилотлар билан биргаликда ва давлат ҳамда нодавлат оммавий ахборот воситалари, блогерларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларининг ахборот таъминоти бўйича турли дастурларни ишлаб чиқади;

6) тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида:

ҳар томонлама таҳлил асосида техник-технологик базани янада ривожлантириш, нашриёт ва матбаа секторининг техник регламентлари ва амалдаги нарх шакллантириш стандартлари (сметаси)ни, ушбу соҳада стандартлаштириш ва сертификатлаштиришни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг амалдаги моддий-техник базасини хатловдан ўтказади ва асослантирилган ҳисоб-китобларга кўра уни такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича таклифлар киритади;

идоравий бўйсунувидаги ташкилотларга молиявий юкламаларни камайтириш учун уларнинг ишлаб чиқариш бўлимларига илғор технологик ечимларни жорий этиш имкониятини, шу жумладан жойларга бориб чуқур ўрганади;

7) китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш борасида:

мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими учун дарсликлар ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш ҳамда нашр этилишини ташкил этишни таъминлайди;

жамиятда мутолаа маданиятини тизимли асосда илгари суриш ва ушбу мақсадда, айниқса, ёшлар ўртасида республика танловларини ўтказиш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал ва маънан етук қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

электрон ва аудиокитобларни ишлаб чиқариш, уларни оммалаштириш бўйича таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу маҳсулотни мақбул нархларда сотиш механизмларини йўлга қўйиш борасидаги таклифларни тайёрлашда иштирок этади;

давлат органларига қарашли кутубхоналар китоб фондини, шунингдек ахборот-кутубхона муассасаларини илмий, энциклопедик, бадиий адабиётлар билан тизимли равишда бойитиб бориш бўйича таклифларни тайёрлайди;

ижтимоий аҳамиятга эга адабиётларни чиқаришга доир давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини нашр қилишга қаратилган иқтисодий-молиявий лойиҳалар тайёрланишини ташкиллаштиради, уларни молиялаштириш, шунингдек аҳолининг ижтимоий-сиёсий ва илмий-оммабоп адабиётларга бўлган талабини қондириш тизимини йўлга қўяди;

ўзбек адабиётини тарғиб қилиш, халқаро бозорларда миллий адабиёт ва китоб маҳсулотларининг нуфузини оширишда иштирок этади;

миллий адабиётимизнинг энг сара асарларини чет тилларга таржима қилиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишни амалга оширади, чет эл адабиётини ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштиради, уларни молиялаштириш, сифатли чоп этиш ва тарқатиш тизимини йўлга қўяди;

ўзбек тилида илмий-техник, бадиий адабиётлар, турли йўналишлардаги энциклопедиялар ва маълумотномаларни, шу жумладан лотин ёзувида нашр этишни янада кенгайтириш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, маданий ва миллий қадриятларга зид, мазмунан сифатсиз китоблар нашр қилинишининг олдини олади;

8) журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида:

миллий масс-медианинг кадрлари салоҳиятини, уларнинг Марказий Осиё ахборот маконидаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

журналист кадрларнинг салоҳиятини ошириш бўйича фаолиятни ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради, ушбу мақсадларда ўқув тренинглари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этади;

оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва кутубхона фаолияти соҳаси ташкилотлари учун кадрларни тайёрлаш ва тақсимлаш масалаларида давлат бошқаруви органлари, ўқув муассасалари билан ҳамкорлик қилади;

Агентлик тизимига кирувчи ташкилотларнинг мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди;

Агентлик ишчиларини касбий аттестациядан ўтказиш тизимини ривожлантиришга кўмаклашади, ўз ходимларини касбий аттестациядан ўтказади;

оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва кутубхона фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни эълон қилади;

9) ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўриш борасида:

оммавий ахборот воситалари томонидан ишлаб чиқариш ва нашр қилиш, телеканал, радиоканал, теледастур ва радиодастурлар намойиши, шунингдек ахборот-телекоммуникация тармоқлари, жумладан Интернет тармоғи орқали ахборот тарқатиш жараёнига болаларни уларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилишини мониторинг қилади;

фуқароларнинг ахборот тизимида мавжуд бўлган шахсий сирлар ва шахсий маълумотлар махфийлигининг сақланишига бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашади;

аҳолини турли ахборот таҳдидларидан самарали ҳимоялаш мақсадида мамлакатда ва хорижда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муҳим воқеаларни ёритиш бўйича фаолиятни ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради;

мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни фаол ва сифатли ёритиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, унинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш масалаларида оммавий ахборот воситаларига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати ҳақида аҳолига ва дунё жамоатчилигига ишончли маълумотни ўз вақтида, сифатли ва холис етказиш учун миллий оммавий ахборот воситаларининг халқаро ахборот маконида қатнашишига ва ўз имкониятларини кенгайтиришига ёрдам беради;

10) Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш борасида:

оммавий ахборот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди, маъмуриятчиликнинг ушбу йўналишлардаги халқаро тажрибасидан фойдаланади;

мамлакатни сўз эркинлигини таъминлаш нуқтаи назаридан баҳоловчи турли халқаро рейтинг тузилмалари билан ҳамкорлик бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

оммавий ахборот, ноширлик, матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтадиган танловлар, кўргазмалар, анжуманлар, фестиваллар, конференциялар ва бошқа, шу жумладан халқаро тадбирларнинг ташкиллаштирилиши ва ўтказилишини таъминлайди, уларни ўтказиш тартибини белгилайди;

электрон каталоглар, кутубхоналар яратиш ва улардан оммавий фойдаланиш имкониятларини очиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади;

Ўзбекистоннинг халқаро телекоммуникация тармоқларига қўшилиши юзасидан ўзаро мувофиқлашган сиёсат, қоидалар ва тартиб-таомилларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ўзбек адабиётини хорижда оммалаштиришга қаратилган халқаро фестиваль ва байрамларни ташкиллаштириш масалаларида халқаро ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, маҳаллий нашриётларга ўз маҳсулотларини халқаро китоб бозорида илгари суришга ёрдамлашади;

оммавий коммуникациялар, ноширлик, матбаа, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ўрнатилган тартибда амалга оширади, ўз ваколати доирасида хорижий давлатларнинг тегишли органлари ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар тузади.

2-§. Агентлик ҳудудий бошқармаларининг вазифа ва функциялари

13. Агентлик ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти, медиа-бозорнинг ҳудудий соҳалари ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш;

минтақавий оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларининг ҳудудий субъектлари салоҳиятини юксалтириш, мутолаа маданиятини ошириш;

ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўлимлари) фаолиятини таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан оммавий ҳамкорликни йўлга қўйиш доирасида улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвестициявий имкониятлари, бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида, аввало, хорижий ишбилармон доираларни, салоҳиятли инвесторларни кенг хабардор қилиш бўйича ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш чораларини ишлаб чиқиш;

оммавий коммуникация, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасининг ҳудудий субъектларига аниқланган қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан, шу жумладан ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича огоҳлантириш, хулоса ва кўрсатмалар бериш учун таклифлар киритиш;

фаолиятни рўйхатга олиш ва лицензиялаш масалаларида ҳудудий оммавий ахборот воситалари, шунингдек нашриёт ва матбаа корхоналарининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаси ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

14. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти, медиа-бозорнинг ҳудудий соҳалари ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш борасида:

ҳудудий оммавий ахборот воситалари (матбуот, телевидение, радио, электрон-ОАВ, ахборот агентликлари), нашриёт, матбаа ва ахборот-кутубхона тузилмаларининг ҳолатини баҳолаш ҳамда ривожлантириш ва/ёки мақбуллаштириш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида уларни муфассал таҳлил қилади;

ёритиш ҳамда ҳудудий давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг муаммоларини кўриб чиқади;

ҳудудий оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаси, ҳудудий медиа-бозорнинг ҳолати бўйича Агентлик раҳбариятига киритиш учун таҳлилий материаллар тайёрлайди;

б) минтақавий оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларининг ҳудудий субъектлари салоҳиятини юксалтириш, мутолаа маданиятини ошириш борасида:

ахборот соҳасида мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли қарорларни ишлаб чиқиш учун етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг таъсисчилари ва таҳририятлари, оммабоп веб-ресурслар ва блогерлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор механизмларини яратади;

ҳудудий даврий нашрларнинг жозибадорлигини ошириш, уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқади;

босма ва электрон оммавий ахборот воситалари соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш билан шуғулланаётган ташкилотларни қўллаб-қувватлайди;

босма ва электрон оммавий ахборот воситалари соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқувчи ва тарқатувчи ташкилотларга кўмаклашади;

ҳудудий оммавий ахборот воситалари ва уларнинг журналистлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларни ҳудудий оммавий ахборот воситалари орқали нохолис, ишончсиз ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақиқланган ахборотлар тарқатилишидан ҳимоя қилишда кўмаклашади;

оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида соғлом рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ноширлик ва матбаа фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ва якка тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

матбаа ускуналарини янгилаш, уларни модернизация қилиш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга оширишда қатнашади;

нашриёт ва матбаа секторининг матбаа маҳсулотларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш масалаларида методик ёрдам кўрсатади, ҳудудий оммавий ахборот воситаларини технологик ривожлантириш ва мазмунан бойитиш бўйича маслаҳат ва услубий ёрдам кўрсатади;

ҳудудларда мутолаа маданиятини тизимли асосда илгари суриш ва ушбу мақсадда, айниқса, ёшлар ўртасида танловлар ўтказиш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал ва маънан етук қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудий давлат органларига қарашли кутубхоналар китоб фондини, шунингдек ахборот-кутубхона муассасаларини илмий, энциклопедик, бадиий адабиётлар билан тизимли равишда бойитиб бориш бўйича таклифларни тайёрлайди;

ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, маданий ва миллий қадриятларга зид, мазмунан сифатсиз китоблар нашр қилинишининг олдини олади;

интеллектуал мулк соҳасида қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, республика ҳудудида контрафакт маҳсулотлар айланишини бартараф қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, божхона, солиқ ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

в) ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўлимлари) фаолиятини таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан оммавий ҳамкорликни йўлга қўйиш доирасида улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида:

ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлик даражасини, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг маълумотларни олиш имкониятини тизимли таҳлил қилади, уларнинг самарали ҳамкорлигини кучайтириш чораларини белгилайди;

ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро ҳамкорлик қилиши учун уларнинг салоҳияти ва тайёргарлик даражасини оширишда ҳудудий давлат тузилмалари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатлари мувофиқлиги ва тезкорлигини таъминлайди;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситаларига расмий ахборотларни олишда тенг ҳуқуқлар берилишини таъминлайди;

ҳудудий давлат тузилмалари раҳбарлари томонидан миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун брифинглар ва матбуот анжуманлари ўтказишни кенг амалиётга жорий этиш учун шарт-шароит яратади;

ҳудудий давлат органлари матбуот хизматлари томонидан сифатли ахборот ва таҳлилий материалларни тизимли ва тезкор тайёрлаш жараёнларини, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва инвестицион лойиҳаларнинг моҳияти ва мазмунини содда тилда тушунтириш учун оммавий коммуникацияларнинг турли каналларидан кенг фойдаланиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни назорат қилади;

ҳудудий ахборот ресурсларининг ривожланиши, шу жумладан, Интернет тармоғидаги веб-ресурслар, оммабоп ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар, ҳудудий давлат органлари фаолияти соҳасига алоқадор матн, фото-, аудио-, видео- ва бошқа ахборот материалларининг маълумотлар банкини шакллантириш ва юритилишини назорат қилишни таъминлайди;

ҳудудий давлат органлари матбуот хизматларига юкланган ахборот вазифаларини сифатли таъминлаш мақсадида уларнинг мақомини зарур даражада мустаҳкамлаш ва штат бирликларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларига ахборот тақдим этиш усуллари ва замонавий каналлардан фойдаланиш мақсадида ҳудудий давлат органлари матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш, кўникма ва иш услубларини яхшилаш масалаларини мувофиқлаштиради;

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ва аҳоли, тадбиркорлик субъектларининг давлат ахборот ресурсларига ва интерактив хизматларга кенг кириб боришини таъминлаш, шу жумладан, қишлоқ жойларда рўйхатни кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилашда иштирок этади;

ҳудудий давлат органлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чора-тадбирларни таклиф қилади;

г) ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, уларнинг инвестицион имкониятлари, бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида, авваламбор, хорижий ишбилармонлар доиралари, салоҳиятли инвесторларни кенг хабардор қилиш масаласида ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш соҳасида:

республика ҳудудлари кесимида инвестицион лойиҳалар, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳақида маҳаллий ва хорижий аудиторияни кенг миқёсда хабардор қилиш бўйича ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

мутахассислар ва тадбиркорлар иштирокида мунтазам равишда ҳудудий давлат тузилмалари раҳбарлари томонидан масс-медиа учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестицион лойиҳаларнинг муҳим жиҳатларига бағишланган брифинглар ҳамда матбуот анжуманлар ўтказиб турилишини назорат қилади;

бажариладиган ишларнинг ойма-ой режаси ва жалб этилган инвестициялар ҳажми, инвестициялар жалб қилинаётган соҳалар, ўзлаштирилган инвестициялар кўлами, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш босқичлари, лойиҳаларнинг экспорт ҳажмини оширишга, тармоқ ёки минтақа ривожига таъсири, лойиҳаларни рўёбга чиқариш кафолатлари, уларнинг рақобатда устунликлари ва бошқаларни ўз ичига олган тармоқ ислоҳотларининг, амалга оширилаётган ҳар бир инвестиция лойиҳасининг асосий параметрлари ҳақидаги батафсил ва сифатли безатилган, жумладан хорижий тилларга бехато таржима қилинган маълумотларни ўзида жамлаган Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрлаш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

ҳудудий давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан биргаликда ва давлат ҳамда нодавлат оммавий ахборот воситалари, блогерларни жалб этган ҳолда ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларининг ахборот таъминоти бўйича турли дастурларни ишлаб чиқади.

д) ҳудудий оммавий ахборот воситалари, босма, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаси фаолияти субъектларига, шу жумладан ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича аниқланган қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан огоҳлантиришлар, хулосалар ва кўрсатмаларни киритиш учун таклифлар тайёрлаш соҳасида:

ҳудудий оммавий коммуникациялар субъектлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолиятининг қонунчилик нормаларига мувофиқлиги, лицензиялаш ва рухсат бериш талаблари ва шартларига амал қилиши бўйича доимий мониторинг олиб боради;

ҳудудий давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчилик билан алоқаларни таъминлаш бўйича мониторинг ва таҳлилини амалга оширади;

давлат ташкилотлари очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган ёки лозим даражада бажармаётган ҳудудий давлат органлари ва давлат оммавий ахборот воситаларига тавсиялар, огоҳлантиришлар, хулосалар ва кўрсатмалар бериш бўйича таклифлар киритади;

ҳудудий оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва матбаа корхоналари томонидан тегишли қонунчилик талаблари бажарилмаган ҳолатларда лицензия ва рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномаларининг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиб туриш бўйича таклифлар киритади; 

ҳудудий оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва матбаа корхоналари томонидан тегишли қонунчилик талаблари мунтазам бажарилмаган тақдирда, уларнинг лицензиялари ва рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномаларини бекор қилиш тўғрисида ўрнатилган тартибда ариза билан судга мурожаат этиш юзасидан таклифлар киритади;

е) ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ва лицензиялаш масалалари соҳасида:

тадбиркорлик субъектларига ноширлик фаолиятини лицензиялаштириш, оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича ахборот, ташкилий, методик ва маслаҳат кўмагини тақдим этади;

тадбиркорлик субъектларига ноширлик фаолияти учун лицензия олишда ҳамда оммавий ахборот воситалари ва корхоналарни рўйхатдан ўтказишда зарур бўлган материал ва ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни узатишда ёрдам беради;

ноширлик фаолияти учун лицензия бериш, мазкур лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этади;

лицензиат томонидан ноширлик йўналиши соҳасида лицензия талаблари ва шартларига, шу жумладан китоб-дафтар, матбаа ва канцелярия маҳсулотларини нашр этишда белгиланган сифат стандартларига риоя қилиши устидан тизимли назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи нашриётларнинг Давлат реестрини олиб боришда, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари ягона реестри, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган матбаа корхоналарининг ягона давлат реестрини юритишга кўмаклашади;

ж) оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида ходимларни тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш соҳасида.

ҳудудий оммавий ахборот воситалари кадрлари салоҳиятини, шунингдек, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудий журналист кадрлар, нашриёт-матбаа корхоналари ва ахборот-кутубхона муассасалари ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича фаолиятни ташкил қилади ва мувофиқлаштиради, шу мақсадларда таълим тренинглари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун етакчи мутахассисларни жалб қилади;

оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва кутубхона фаолияти соҳасидаги ташкилотлар учун кадрларни тайёрлаш ва тақсимлаш масалаларида ҳудудий давлат органлари, таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади;

оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа ва кутубхона фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни эълон қилади.

15. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги Низомлар Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

4-боб. Агентликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

1-§. Агентликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

16. Агентлик ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Агентликнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

Агентликнинг ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан керакли статистик маълумотларни бепул асосда олиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Агентлик фаолиятини амалга ошириш доирасида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар ўтказиш учун давлат буюртмасига мувофиқ, лойиҳаларни саралаш бўйича танловлар эълон қилиш ва танлов комиссияларини тузиш;

илмий тадқиқотларга йўналтирилган бюджетнинг молиявий ресурсларини тақсимлашда иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан оммавий коммуникациялар, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат ва ҳудудий дастурлар, лойиҳа ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу масалалар бўйича таклифлар киритиш;

аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ва Агентлик ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларга огоҳлантириш, хулоса ва ижро учун мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилиб, белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига кўра, халқаро ташкилотларда мамлакат манфаатларини ифода этиш ҳамда белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, оммавий коммуникациялар, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти бўйича бевосита ёки бўйсунувидаги тузилмалари орқали бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари, шунингдек илмий институтлари билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш;

оммавий коммуникациялар, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш мақсадида идоравий илмий ва ўқув марказларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги вазифаларни ёритиш учун белгиланган тартибда нашр фаолиятини амалга ошириш, матбуот органларини ташкил этиш, ахборот материаллари, даврий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

Агентлик ва идоравий бўйсунувдаги тузилмаларнинг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида ҳамда бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда топшириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, асбоб-ускуналар, хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва оргтехникаларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминотни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таҳлилий институтлар, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини жалб қилиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш, ҳадли битимлар тузиш;

Агентлик ва унинг тизимидаги таркибий бўлинмалар ва ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

Агентликнинг ижтимоий инфратузилмасини қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил қилиш ва такомиллаштириш, Агентлик тизими ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва мукофотлаш ягона тизимини шакллантириш.

Агентлик қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

17. Агентлик зиммасига юкланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун масъулдир.

2-§. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, бошқа ташкилотлардан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажариш учун зарур бўлган ахборот материалларини сўраб олиш;

оммавий коммуникациялар, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлимлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида мажлислар ўтказиш;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, илмий ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

19. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари:

қонун ҳужжатлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раиси ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари, шунингдек, ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

республиканинг тегишли дастурлари ва соҳаларни ривожлантириш бўйича дастурлар билан мустаҳкам ўзаро боғлиқ ҳолда ҳудудларнинг ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона тармоқларини ривожлантириш дастурларининг белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

Агентликка ҳудуднинг оммавий коммуникациялари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларининг ривожланиши тенденциялари, ҳудудларнинг ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона тармоқларини ривожлантириш дастурлари амалга оширилиши юзасидан объектив таҳлилий маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш.

5-боб. Агентлик раҳбарларининг функционал мажбуриятлари

20. Юкланган вазифаларга мувофиқ, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари зиммасига қуйидаги функционал мажбуриятлар юкланади:

а) Агентлик директори:

Агентлик фаолиятининг умумий бошқарувини яккабошчилик асосида амалга оширади ва Агентликка юкланган вазифа ва функциялари бажарилиши учун шахсан жавобгардир;

Агентлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкалари, шунингдек, қуйи ташкилотларни бошқариш бўйича Агентлик тизимининг директор ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Агентлик фаолияти масалалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатларнинг лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг, уларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида Агентлик тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг чекланган сони доирасида Агентлик марказий аппаратининг штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

ходимларнинг чекланган сони доирасида Агентликнинг марказий аппарати, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари, Агентликнинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади;

б) директор ўринбосари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларини ривожлантириш, экспертизани ташкил қилиш ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли тайёрлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Агентлик директорининг топшириғига биноан, ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ва дастурлар бажарилишини мувофиқлаштиради;

Агентликнинг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ, Агентликнинг тегишли бўлинмаларини бевосита бошқаришни амалга оширади;

директор ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган Агентликнинг марказий аппарати бошлиқ ва мутахассис лавозимларига номзодларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

директор ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган тузилмаларнинг таркибий бўлинмалари бошлиқларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан таклифлар киритади;

мутасадди бўлинмаларида кадрлар захирасини шакллантириш бўйича тизимли асосда ишларни ташкил қилади.

в) Агентлик таркибий бўлинмаси бошлиғи:

таркибий бўлинмасининг тасдиқланган низоми доирасида аниқ йўналишлардаги вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

мутасадди ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларининг ривожланиш ҳолатини сифатли баҳолаб, уларнинг истиқболда ривожланиши бўйича Агентлик раҳбариятига аниқ таклифлар ва амалга ошириш механизмларини киритади.

г) Агентликнинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи:

юклатилган вазифа ва функцияларга мувофиқ, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини, шу жумладан, бўлим бошлиқлари ва мутахассислари ишини ташкил қилади;

ҳудуднинг ахборот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳалари ривожланиши ҳолатини сифатли баҳолайди ва Агентлик раҳбариятига уларнинг истиқболдаги ривожланиши юзасидан аниқ таклифлар ва амалга ошириш механизмларини киритади;

белгиланган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.

6-боб. Агентлик раҳбарларининг масъулияти

21. Агентлик Директори:

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларида ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш, шунингдек, Агентлик фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши;

мамлакатда ва ҳудудларда амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар натижаларига эришиш, уларнинг оммавий коммуникациялар, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳасига таъсир қилиши;

Агентлик, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилиниши учун масъулдир.

22. Директор ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича бажариладиган топшириқларнинг самарадорлиги ва ўз вақтида ижро этилиши учун;

мутасадди оммавий коммуникациялар, матбуот, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳалари барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги учун масъулдир.

23. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари:

қонун ҳужжатлари, Агентлик раҳбарларининг топшириқлари, шунингдек, юклатилган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

тегишли республика дастурлари ва соҳаларни ривожлантириш дастурларига узвий боғлиқ ҳолда ҳудудларнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш дастурлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

Агентликка ҳудудларнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳалари ривожланиши тенденциялари тўғрисида объектив таҳлилий ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

амалга оширилган ҳудудий дастурларнинг ҳудудларнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятига бўлган таъсирининг самарадорлиги;

ҳудудларнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун масъулдирлар.

7-боб. Агентлик фаолиятини ташкил қилиш

1-§. Агентлик раҳбарияти

24. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

Директор Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарлари, шу жумладан биринчи ўринбосарига эга.

25. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари бошлиқлари, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, «O‘zbekiston» нашриёт-матбаа ижодий уйи, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, «O‘qituvchi» матбаа уйи, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, «Кўзи ожизлар босмахонаси» давлат корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий нашриётлар, «O‘qituvchi» илмий-методик нашриёт маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ, Нашриёт-матбаа фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлаш касб-ҳунар коллежи, китоб маҳсулотларини тарқатиш бўйича «Ўздавкитобсавдотаъминоти» МЧЖ корхоналари ҳамда Агентликнинг «Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси» давлат корхонаси директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Агентлик директори томонидан амалга оширилади.

2-§. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг ҳудудий бошқармалар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби

26. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари қуйидаги масалалар бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Агентлик раҳбарияти топшириқларини ўз вақтида бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларининг сўровномалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

Агентлик ҳудудий бошқармаларининг, соҳавий ривожлантириш дастурлари билан ўзаро уйғунликда, ҳудудий оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

Агентлик ҳудудий бошқармаларининг ахборот соҳасидаги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш, жамиятда мутолаа маданиятини ошириш, республика ҳудудларининг иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини тарғиб қилиш, давлат органлари матбуот хизматларининг оммавий ахборот воситалари билан мақбул ҳамкорлиги ҳамда оммавий коммуникациялар, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларини бошқариш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Ўзбекистоннинг ахборот соҳасидаги муҳити ҳамда ҳудудлар кесимида унинг асосий кўрсаткичлари динамикаси, ҳудудларнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш доирасидаги лойиҳалар ҳамда чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоли масалаларни аниқлаш мақсадида тизимли мониторингини амалга ошириш, тизимли муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ҳокимияти органлари томонидан кўриб чиқиш ва виза қўйиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва ишлаб чиқиш, улар бўйича хулосалар тайёрлаш;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

республика ҳудудларида оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳалари фаолияти ривожланишининг даражасини баҳолаш мезонлари тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

3-§. Агентликнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби

27. Агентлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик соҳасида:

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда Агентликнинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Агентликнинг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича белгиланган тартибда таклифларни тайёрлаш ва киритишда иштирок этади;

ҳудудий оммавий коммуникациялар, нашриёт-матбаа, ахборот-кутубхона соҳалари ривожланишидаги муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, Агентликнинг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда вилоятлар, туман (шаҳарлар) ҳокимликлари билан ҳамкорлик қилади.

4-§. Агентликнинг ҳайъати, бошқа маслаҳат, консультатив эксперт органлари

28. Агентликда директор (ҳайъат раиси), директорнинг биринчи ўринбосари, директор ўринбосарлари, шунингдек, Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Агентликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат Ҳайъат шакллантирилади.

Ҳайъат:

мазкур Низомда белгиланган Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг аниқ вазифалари ва топшириқлари сифатли бажарилишини ташкил этиш;

Агентликнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиб ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тузатишлар киритиб, оммавий коммуникация, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона соҳаларини ривожлантириш дастурлари, стратегиялари ва концепциялари амалга оширилишининг натижадорлигини баҳолаш;

Агентлик номенклатурасига киритилган лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Агентлик Ҳайъати Агентликнинг ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат йиғилишларига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари таклиф этилади.

Ҳайъат йиғилиши, Ҳайъат таркибининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлганида, ваколатга эга. Қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Агентлик директорининг буйруқлари ва Ҳайъат баённомалари билан амалга оширилади. Агентлик директори ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келганида, Агентлик директори мустақил равишда қарор қабул қилади.

Ҳайъат фаолиятининг тартиби Ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламенти билан белгиланади.

29. Агентлик қошида директорнинг биринчи ўринбосари (Кенгаш раиси), Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Агентликнинг алоҳида таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳалари субъектларининг вакиллари иштирокида ахборот муҳитини ривожлантириш бўйича Жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.

Жамоатчилик кенгаши сони, шахсий таркиби ва низоми Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгаши мажлисида қабул қилинган қарор асосида Кенгаш раисига Кенгашнинг шахсий таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, ахборот соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

журналистнинг мақомини ошириш, даврий нашрларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда оммавий коммуникациялар соҳаси субъектларининг янада ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни муҳокама қилиш;

ахборот соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда рўёбга чиқариш механизмлари, сўз ва ахборот эркинлигини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат тузилмалари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига асоссиз аралашувларни камайтириш, масс-медиа маҳсулотларини тарқатиш соҳасида ахборот хавфсизлиги ва соғлом рақобатни ривожлантириш тизимини такомиллаштиришни танқидий кўриб чиқиш;

қонунчилик базасини, шу жумладан Агентликка кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш йўли билан такомиллаштиришда иштирок этиш.

8-боб. Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари

30. Қуйидагилар:

Агентлик директори, директорнинг биринчи ўринбосари, директор ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида амалга оширилади;

Агентликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, шунингдек марказий аппарат, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, қуйи ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари асосида амалга оширилади.

9-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш

31. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

32. Агентлик ходимларининг иш ҳақи қонунчиликда назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимчалар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлардан ташкил топади.

Агентликнинг марказий аппарати ходимларига узоқ муддат хизмат қилгани учун ҳар ойда қуйидаги миқдорда устама ҳақ тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан коэффициент ҳисобида):

1 йилдан 3 йилгача — 0,3;

3 йилдан 5 йилгача — 0,6;

5 йилдан 10 йилгача — 0,8;

10 йилдан 15 йилгача — 1,0;

15 йилдан 20 йилгача — 1,2;

20 йилдан ортиқ — 1,5.

Узоқ муддат хизмат қилгани учун ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи, Агентлик томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.

33. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига иш ҳақини тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантиришни амалга ошириш манбалари этиб меҳнат ҳақи фонди, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари:

Агентликка идоравий мансуб нашриётлар ва матбаа корхоналарининг маҳсулотларини сотишдан тушадиган соф тушумнинг 10 фоизи миқдоридаги шартнома асосидаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 20 миллиард сўм миқдорида бир йўла ажратиладиган маблағлар;

Агентлик томонидан рухсатнома тусидаги ҳужжатлар берганлик учун давлат божи тўлашдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланади.

10-боб. Агентликнинг ҳисоботлари

34. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан ўзаро ҳамкорлик доирасида:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш муаммоларини ҳал этиш, оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат бошқарувини мақбуллаштиришга йўналтирилган таклифлар, тавсиялар ва таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этиш учун тайёрланишини таъминлайди;

оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги лойиҳаларни тайёрлаш, жорий этиш ва самарадорлигини баҳолаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига уларнинг самарадорлигини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ошириш бўйича аниқ таклифлар киритади;

мунтазам равишда оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги энг муҳим йўналишлар ҳамда вазифаларнинг амалдаги ижроси ҳамда мазкур соҳаларда мавжуд тизимли муаммолар ва камчиликларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари раҳбарлари томонидан кўриб чиқилишини ташкил қилади;

белгиланган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.

35. Агентлик, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг маълумотларини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мамлакатнинг оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларини ривожлантиришда эришилган натижалар тўғрисида ҳар чоракда таҳлилий материаллар киритади.

36. Агентлик ҳар чорак якунлари бўйича ўзининг веб-сайтида тегишли ҳисобот даврида мамлакатнинг оммавий коммуникациялари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳалари ривожланиши натижалари ҳақида матбуот учун ахборот (пресс-релиз) эълон қилинишини амалга оширади.

37. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳар чоракда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари ахборотларини чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида Агентликка ягона давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш, мамлакат ҳудудларида оммавий коммуникациялар, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларини ривожлантириш, шунингдек аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган таҳлилий маълумот киритади.

11-боб. Якуний қоидалар

38. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Партнеры

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси