Телефонлар:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40
» » Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳақида: қилинаётган ишлар масштаби жуда катта

Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳақида: қилинаётган ишлар масштаби жуда катта

19 апрель 2021, Понедельник
40
0

Ўтган ҳафта пайшанба-жума кунлари давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида бўлди. Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифингида шу ҳақда ҳам қўшимча маълумотлар берилди.

– Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи кенг ёритилди. Кўриб гувоҳи бўлдикки, қилинаётган ишлар масштаби жуда катта. Мамлакатимизда қандай катта қурилишлар бўлаётгани, давлатимиз раҳбарининг илмга, инновацияга эътибори қандай аниқ натижалар бераётганини биргина Самарқанд вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин, – деб қайд этилди брифингда.
Масалан, Самарқанд туманида тарихимиз, маданиятимиз ва “Янги Ўзбекистон” ғоясини ўзида мужассам этган уникал туризм маркази барпо этилмоқда. Унда халқаро конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона, тематик хиёбонлар, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари бўлади.
Рамазон ойида Президентимиз ташаббуси билан буюк ҳадисшунос бобомиз Имом Бухорий мажмуасини янада кенг қилиб қуриш ишлари бошлангани ташрифнинг алоҳида воқеаси бўлди. Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимиз меросини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.
Самарқандда бу ишларга ҳамоҳанг янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда. Президентимиз ушбу аэропорт қурилиши билан ҳам танишди, парвозлар сонини ошириш, аэропортга ёндош ҳудудда умумий қиймати 40 миллион доллар бўлган халқаро карго маркази ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. У орқали қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари кечаю кундуз, йил бўйи экспорт қилинади, деди Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Брифингда давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига сафари давомида танишган бошқа объектлар – Қорасув мавзесидаги кўп қаватли уйлар, Самарқандни 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантиришда бундай бунёдкорлик ишларининг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги йирик лойиҳалар мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, эркин ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш, уларда импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қилинаётган ишларни бор бўй-басти билан кўрсатиб бергани таъкидланди.
Мамлакатимизнинг чекка туманида, тоғлар ёнида ташкил этилган ушбу замонавий саноат комплексида 6 мингдан зиёд опа-сингилларимиз, ёшларимиз ишлаётгани бундан яққол далолат.
Президент ушбу саноат зонасига ташрифи чоғида унинг янада ривожланиши учун 750 миллион доллар жалб этишга кўрсатма берди. Шу билан чекланиб қолмасдан, Ургутни инновацион ва инвестицион туманга айлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бунда, вилоятнинг барча ҳудудларида “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг филиалларини ташкил этиш, ушбу иқтисодий зонага берилган имтиёзларни барча туман ва шаҳарларга қўллаш назарда тутилади.
Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания ташкил этилади ва унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш бўйича ўринбосари бўлади.
Брифингда давлатимиз раҳбарининг Жомбой туманидаги “Ин Витро” лабораторияси билан танишуви, шунингдек, ўтган ҳафта имзоланган ҳужжатлар мазмуни ҳақида ҳам қисқача ахборот берилди.
ЎзА
Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Партнеры

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси