Телефонлар:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40

РАСМИЙ БАЁНОТ

14 август 2019, Среда
81
0

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқлар гуруҳ администраторлари, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган фуқаролар!

Сизга яхши маълумки, Республикамизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш, блогерлик мавқеини кўтариш ҳамда барча тоифадаги ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш борасида талайгина ишлар қилинди ва қилинмоқда.  

Бу уларнинг оммалашишига, халқ орасида ҳурмат қозонган ҳолда амалда тўртинчи ҳокимият даражасига секин-аста бўлса-да кўтарилишига олиб келмоқда. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Тан олиб айтиш керакки, бугун ҳар бир смартфон эгаси эрта тонгданоқ уйғониши билан телефони орқали биринчи бўлиб ижтимой тармоқларга киради ёки янгиликларни ўқийди. Ва шу тариқа ҳар биримиз, хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, ахборот майдонининг таъсирига тушиб бормоқдамиз. Кимлардир бу майдонда иштирокчи, кимлардир унинг қурбони, кимлардир эса кузатувчи. 

Мобил телефонидан фойдаланувчилар сонининг 20 миллиондан ортиб бораётганини инобатга олсак, ахборот сиёсати соҳасидаги масъул давлат органи бўлган бизнинг Агентлигимиз бу масалага бефарқ бўла олмайди ва уни ўз ҳолига ҳам ташлаб қўёлмайди. Чунки гап бизнинг давлатчилигимиз, халқимизнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва қолаверса, давлатимиз равнақи ҳақида бормоқда.

Аҳамият берган бўлсангиз, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, унинг тагида турли мунозарали баҳслар, муносабатлар, фикрлар, тортишувлар ёзилади. Бу фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади, албатта. Лекин, минг афсуки, улар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бормоқда. Бундай изоҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. 

Энг ёмони, буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яьни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради.

Минг афсуски, ушбу муаммо нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё мамлакатларининг бош оғриғига айланган. 

Сизга яхши маълумки, турли оммавий тартибсизликларнинг барчаси ушбу ресурслар ёрдамида амалга оширилади. Яқин қўшни давлатлар, умуман, дунё ҳамжамияти ҳам ушбу муаммо билан қаттиқ курашиб келмоқда.

Аслида бунинг ечими битта. Бу ҳам бўлса  жамиятда қонун устуворлигини таьминлаш ҳамда ҳуқуқий билим ва маданиятни ошириш.

Демоқчиманки, демократия ва сўз эркинлиги  бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш, дегани эмас. Сўз эркинлиги бу, аввало, қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Жуда кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти ўрганилганда, айнан шу мезонга қатъий амал қилинишини кўрамиз. Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир. Бу норма ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасига оид қонунларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабга риоя қилишлари, балки белгиланган қонун асосида улар остидаги фуқаролар, “фейк” аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз. 

Сиздан фақатгина қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда, бундай маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифангиз остида ёзилган бўлса, уни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйиш сўралмоқда.

Ҳурматли ҳамкасблар, барчангизни юртимизда сўз ва фикр эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш учун ахборот соҳасида бўлаётган турли носоғлом жараёнларга қарши бирлашиб ҳаракат қилишга чақирамиз.



Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори в.б. Комил Алламжонов


www.aoka.uz
Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Партнеры

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси