Telefonlar:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40
» » АОКА раҳбари бугун Самарқандда соҳа вакиллари билан учрашди

АОКА раҳбари бугун Самарқандда соҳа вакиллари билан учрашди

15 июнь 2021, Вторник
189
0
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев хизмат сафари билан Самарқанд вилоятида бўлди. А.Ходжаев сафар давомида ахборот соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан учрашди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашув танқидий руҳда ўтди.
Сўнгги пайтларда вилоят ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ танқидий материаллар кўпайгани, бироқ уларга берилаётган муносабатлар қониқарли эмаслиги таъкидланди. Қайд этилишича, танқидларга фақат расмиятчилик учунгина муносабат билдириш, масаланинг ичига кирмасдан, моҳиятига етмасдан, таҳлил қилмасдан, “ўрганилади”, “кўриб чиқилади” қабилида жавоб бериш ҳолатлари учрамоқда.
Бу эса муаммонинг янада чуқурлашиши, фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ўз вақтида чуқур ўрганилган ва таҳлил қилинган расмий муносабат ёки баёнот шу каби масалаларнинг қайтиб кўтарилмаслиги, жамиятда, журналист ва блогерларда кўтарилган масалаларга тўғри позициянинг шаклланишига хизмат қилади.
“Журналист ва блогерлар кўтараётган масалаларга панжа ортидан, эътиборсизлик билан қараш яхши оқибатларга олиб келмайди, — деди АОКА раҳбари. — Ўз вақтида билдирилмаган муносабат турли миш-мишларга, ваҳималарга сабаб бўлади. Шу боис журналист ва блогерлар билан яқин муносабат ўрнатиш, ўз вақтида ахборотларни тақдим этиш жуда муҳим. Чунки муаммо ўз вақтида ёритилмаса, касаллик янада авж олади.
Афсуски, матбуот котибларимизга янгича, ўзига хос ёндашувлар етишмаяпти. Ахборотларни видео, аудио, инфографика кўринишида, аҳоли учун қулай тартибда тайёрлаш тажрибаси йўқ. Ваҳоланки, бугун ана шундай кўринишдаги ахборотлар ўқувчига тез ва осон етиб боради. Агар ахборот хизматида бундай мутахассислар йўқ бўлса, четдан шартнома асосида жалб қилиш имкониятларини ҳам кўриш лозим”.
Учрашувда, шунингдек, медиа-режаларнинг ўз вақтида бажарилиши, веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқлар билан ишлашда янада масъулиятли бўлиш лозимлиги қайд этилди.
Агентлик раҳбарининг блогерлар билан учрашувида ҳам медиа макондаги энг муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Учрашувда Асаджон Ходжаев вилоятдаги кўплаб муаммоларнинг юзага келиши ва ҳал этилишида блогерларнинг улкан ҳиссаси бор эканини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, ахборот ишончлилиги таъминланишига асосланган миллий қонунчилик меъёрлари ва касбий этикага амал қилиш ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.“Блогерлар бирор масалани ёритиш чоғида танганинг иккинчи томонига ҳам, албатта, эътибор қаратишлари лозим, — дея таъкидлади Агентлик директори. — Бунда вилоятдаги давлат идораларининг ахборот хизматлари билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Расмий манбаларга мурожаат қилган блогер кам хато қилади, эълон қилаётган ахборотининг холислиги, ишончлилиги ортади”.
Учрашувда Агентликнинг ҳудудий бошқармалари қошида “Диалог майдонча”лари ташкил этилгани, экспертлар гуруҳи блогерларнинг соҳага оид ҳар қандай муаммоли ҳолат бўйича мурожаатларини кўриб чиқишга тайёр экани қайд этилди.
Самарқандлик журналистлар ҳамда ноширлар билан ўтказилган учрашувда ҳам долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, босма нашрлар обунаси, газета ва журналларни ўқувчиларга етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, соҳада узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган фидойи журналистларни рағбатлантириш, нашриётлар учун қулай шарт-шароит яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
“Бугун газета ва журналлар қийин вазиятда эканидан хабардормиз, — деди Агентлик директори. — Ҳозирги пайтда бош муҳаррирлар ҳам қўл қовуштириб турмаслиги лозим. Бугунги кун талаби шундай — мажбурий обунага суяниб қолмаган нашрларгина яшаб қолади.
Бунинг учун маркетинг билан жиддий шуғулланиш, рекламаларни кўпайтириш, замонавий коммуникациялар имкониятларидан самарали фойдаланиш керак. Аҳоли орасида газеталарни тарғиб-ташвиқ қилиш ҳам яхши самара беради”.
Учрашувда таҳририятлар ва нашриётлар учун субсидиялар ажратиш, газеталар ҳамда китобларнинг рекламалари учун давлат телеканалларида чегирмалар бериш, тажрибали кадрларни соҳага жалб этиш билан боғлиқ таклифлар билдирилди.
АОКА раҳбари вилоятдаги нашриёт-матбаа корхоналари фаолиятини ривожлантириш юзасидан ҳам ўз тавсияларини берди. Матбаа маҳсулотларининг сифати, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, контрафакт маҳсулотларининг олдини олиш бўйича фикрлар билдирилди.
Учрашувда чоп этилаётган китобларни илғор технологиялар билан бойитиш кераклиги таъкидланди.
Асаджон Ходжаевнинг Самарқанд вилоятига хизмат сафари ниҳоясига етди.
Aoka.uz
Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Hamkorlar

O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi
Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi
Samarqand viloyat axborot va ommaviy kommunikatsiyalar boshqarmasi

redvid esle