Telefonlar:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40
» » Самарқанд шаҳрида кичик саноат зоналарининг фаолияти ўрганилди

Самарқанд шаҳрида кичик саноат зоналарининг фаолияти ўрганилди

15 июль 2021, Четверг
29
0
10 Бугун журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда Самарқанд шаҳридаги кичик саноат зоналари билан танишишди. Дастлаб улар Кимёгарлар шаҳарчасидаги рангли ва рангсиз металларни қайта ишлаш, ошхона жиҳозлари, музлаткич ва совуткичларини, сантехника маҳсулотлари ҳамда духовкаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Saturn metall qayta ishlash” МЧЖ корхонасида бўлишди.

- 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаганмиз, - дейди корхона раҳбари Заррух Муҳаммадиев. - Корхонамизда 60 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўртача ойлик маоши 2 миллион сўм, ҳафтада 6 кун иш. Ҳозирда корхонада 250 турдан ортиқ сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилиб, асбоб-ускуналар Хитой, Туркия ва Италиядан келтирилмоқда. Жорий йилнинг олти ойида 16 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Келажакда маҳсулотларни хорижга экспорт қилишни режалаштиряпмиз.
Кейинги манзил - 1,5 гектар ер майдонида ташкил этилган Фарҳод шаҳарчасидаги “Темир-бетон базаси”да қиймати 4,7 миллион долларга тенг бўлган, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та йирик лойиҳа жойлаштирилган. Шулардан бири “Шохруҳ Бетоно-эксперт” хусусий корхонаси ҳисобланади.

- Корхонамизни 250 миллион сўм кредит ва ўз маблағимиз эвазига ташкил қилгандик, - дейди ушбу корхона директори ўринбосари Рустам Ўткиров. – Дастлаб Хитой ва Германиядан ускуналар олиб келиб, эшик ва ромлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳсулотларимизни вилоятларга ва Россияга сотяпмиз. Ҳозирда корхонада 25 киши фаолият юритмоқда. Келажакда иш ўринларини кўпайтириб, эшик-ромларни кўплаб хорижий мамлакатларга экспорт қилишни режалаштиряпмиз.
Шунингдек, шаҳарчада Англия билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Samarkand England Eco-Medical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ҳам фаолият кўрсатмоқда.

- Корхона 2012 йилда ташкил қилинган, - дейди корхона бош директори Мунис Саиджонов. – Корхонамиз дори воситаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, иш уч навбатда ташкил қилинган ва 300 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда. Ходимларнинг ўртача маоши 2 миллион сўм ва бепул овқатланишлари учун шароит яратилган. Маҳсулотимизни дори воситаларини қадоқлаш цехларига ва хорижга сотяпмиз. Айниқса, дориларнинг аксарияти Афғонистон, Қирғизистон ва Грузия давлатларига экспорт қилинади.


Пресс-тур давомида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда  Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Эркин Ражабов соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берди ва журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Hamkorlar

O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi
Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi
Samarqand viloyat axborot va ommaviy kommunikatsiyalar boshqarmasi