Telefonlar:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40

Қурбонлик гўштини улашиш – энг мақбул амал

19 июль 2021, Понедельник
142
0
Эртага - Қурбон ҳайити. Бу сана мусулмонлар учун ўзгача байрам ҳисобланади. Чунки, бу кунлар такбири ташриқлар айтиш, қурбонликлар келтириш, ийд намозларини адо этиш ва ҳаж мавсуми билан ажралиб туради.
Афсуски, икки йилдан буён пандемия туфайли ҳаж ибодатини адо этиш имконияти бўлмаяпти. Ҳар бир иш Яратганнинг иродаси билан бўлади. Сабр қилиб, Аллоҳ таолодан бу касаллик бартараф бўлишини сўрасак иншоаллоҳ келгуси йилларда албатта муборак сафарларни адо этиш учун йўллар очилади.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг шу йил 16 июлдаги фатвосига кўра, Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди. Унинг ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилди.
Қурбонликни ҳайит кунлари (уч кун давомида) қилса бўлади. Аммо, энг афзали биринчи ҳайит куни қилинмоғидир. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса бўлади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Жумладан, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», деганлари ривоят қилинган (Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривояти).
Ҳадиси шарифдаги «мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир.
«Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкининг олти ойлигидир.
Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўй ё эчкининг иложини топа олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилади.
Туя ва қорамол қурбонлик қилинадиган бўлса, улардан ҳар бирига етти киши шерик бўлиши мумкин.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас – ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон, дедилар».
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар».
Ҳанафий мазҳаби уламолари қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим (яъни мусофир кишига қурбонлик қилиш вожиб эмас) ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади, деганлар.
Қурбонлик гўшти аввало, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, бева-бечоралар ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу амалимиз, айниқса, бугунги пандемия шароитида хонадонга одамларни тўплаб, дастурхон ёзгандан кўра, энг мақбул ҳисобланади.
Аллоҳ барча мўмин мусулмонларнинг қурбонликларини қабул айласин!
Зайниддин Эшонқулов,
вилоят бош имом-хатиби.

Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Hamkorlar

O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi
Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi
Samarqand viloyat axborot va ommaviy kommunikatsiyalar boshqarmasi

redvid esle