Telefonlar:
(66) 235-28-36
(66) 235-28-40
» » Самарқанд шаҳрида йўл билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал этилади?

Самарқанд шаҳрида йўл билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал этилади?

02 август 2021, Понедельник
134
0

Бу саволга Самарқанд шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳамда бузиш ишларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжумани давомида жавоб берилди. Хусусан, шаҳар ҳокимининг соҳа бўйича масъул ўринбосари Рустам Олимов йўллар ва бузилишга тушган объектлар ҳақида маълумот берди.

Рустам Олимов Темирйўл орти ҳудудидаги Матонат, Меҳнат, Барака, Ипак йўли, Темирйўлчилар ва Майсазор маҳаллалари ҳудудидаги 276,79 гектар ер майдонида жойлашган 2856та уй-жой ва 41та нотурар объектлар реновация асосида кўчирилиши белгилангани, бугунги кунда ҳудудда хатлов ишлари олиб борилаётганига алоҳида урғу берди.
Қайд этилишича, Ширин маҳалласида ҳам 2700 объект бузилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 300га яқин мулкдорлар билан келишув амалга оширилган ҳамда розилик аризалари олинган. Шундан 119 кишига 15 млрд 620 млн сўмга яқин товон пули тўлаб берилган.
Ғиёсиддин Жамшид ва Ибн Сино кўчаларини замонавий шаҳарсозлик талабларига мослаштириш ва ободонлаштириш мақсадида ҳудуддаги 20та объект бузилиши режалаштирилган бўлиб, дастлабки ўрганиш натижасига кўра, уларнинг тахминий бозор қиймати 12,34 млрд сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, Садриддин Айний, Уста Умар Жўрақулов, Рудакий кўчаларида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Рустам Олимов Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг ҳолати сўнгги йилларда нафақат маҳаллий аҳоли, умуман, шаҳарга ташриф буюрганларни ҳам безовта қилаётганини эътироф этди. Шу ўринда шаҳар кўчалари қачон тартибга келиши, самарқандликлар йўл билан боғлиқ муаммолардан қачон қутулиши ҳақида маълумот берди.
«Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида бошланган қурилишлар айниқса Сиёб бозор ҳудуди фуқаролар томонидан ҳам, ҳайдовчилар томонидан ҳам, келаётган меҳмонлар томонидан ҳам эътирозга сабаб бўляпти. Бизга озгина вақт керак. Озгина вақтимиз тахминан тўрт ойлар бўлади. Тўрт ой ичида коммуникация тармоқлари тўлиқ ўтказилиб, асфалт қилиб чиқилади. Бу гап марказий кўчаларимизга тегишли.
Умуман, Самарқанд шаҳрида 854 км ички йўлларимиз бор. Охирги уч йил ичида 500 км йўлларни таъмирладик. Бизда ҳозир тахминан 270 км ички йўллар қоляпти. Жорий йилда ўртача 150 км йўлни таъмирлашни дастурга киритганмиз. Келгуси йилга 140 км шаҳарнинг ички йўллари қолади. Келгуси йил уни ҳам якунлаймиз. Шу билан Самарқанд шаҳридаги ички йўлларда таъмирлаш ишлари тугайди. Айни вақтда шунга параллел тарзда газ, сув, электрни ҳам ўтказяпмиз.
Қисқаси, жорий йилда марказий кўчаларимизда муаммо қолмайди. Биз ҳам ташвишдамиз, раҳбарият ҳам ташвишда. Чунки биз шу йўлларни қанча эрта ишга туширсак, йўловчиларимизга ҳам, фуқароларимизга ҳам, меҳмонларга ҳам қулайлик яратилади. Биз шунинг тарафдоримиз», деди Олимов.
У Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қиймати 99,7 млрд сўм бўлган, умумий узунлиги 534 метр, тоннел қисми 310 метр бўладиган йўлўтказгич қурилиши ҳам йил охирига қадар якунланишини маълум қилди.

Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Hamkorlar

O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi
Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi
Samarqand viloyat axborot va ommaviy kommunikatsiyalar boshqarmasi

redvid esle